Ўзбекистонда ҳар йили 200 минг киши иш излаб хориж давлатларига кетмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, йиғилишда Ўзбекистонда ҳар йили 600-700 минг киши меҳнат бозорига кириб келиши қайд этилган.
“Иқтисодиёт тармоқларини ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида йилига 500 минггача иш ўрни яратилмоқда. Шунинг учун, қарийб 200 минг кишининг бандлигини ташқи меҳнат миграцияси орқали таъминлашга тўғри келмоқда”, -дейилади хабарда.
Билдирилишича, хорижда ишлаётган ўзбекистонликларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган жамғармага 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Йиғилишда мутасаддиларга хорижий давлатлардаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказиб, ишчи ва мутахассислар юборишни кўпайтириш, меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.