Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ПФЛ) “Бунёдкор” клубининг ўйинчиси Жасур Жалолиддинов Москванинг “Локомотив” жамоасига трансфер қилиниши бўйича иш очишни сўраб Ўзбекистон Футбол ассоциациясига мурожаат қилди.
ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаевнинг 17 августда билдиришича, Жалолиддиновнинг Москва жамоасига сотилишида бир қатор шубҳали жиҳатлар мавжуд.
Диёр Имомхўжаевга кўра, ўйинчиларни рўйхатга олиш системаси бўлган TMS (Transfer Matching System)га Жалолиддинов иши бўйича келишув битими эмас, футболчи ва “Бунёдкор” ўртасида шартномани бекор қилиш бўйича битим жойлаштирилган. Яъни, футболчи билан шартнома аввал бекор қилиниб, у эркин агентга айлантирилган.
Бундан ташқари ПФЛ “Бунёдкор” Жалолиддинов билан шартнома бекор қилинганидан хабардор қилинмаган. Жалолиддиновнинг “Локомотив”га ўтиши ҳақидаги битим ҳам биринчи навбатда ПФЛга тақдим этилиши лозим бўлган. Бироқ бундай қилинмаган.
“Давлат активларини бошқариш агентлиги Жалолиддинов трансфери борасида ахборот беришни сўраб, икки марта “Бунёдкор”га мурожаат қилган, аммо иш пишмагунига қадар “Бунёдкор” жавоб хатини пайсалга солган. Нега?” – деб савол қўяди Диёр Имомхўжаев.
ПФЛ бош директорининг таъкидлашича, Жалолиддиновга Туркиядан 400 минг евролик таклиф келиб тушган. Лекин шунга қарамай, у “Бунёдкор” томонидан эркин агентга айлантирилиб, кейин “Локомотив”га йўналтирилган.
Жалолиддиновнинг Москва клубига ўтиши тўғрисида июль ойининг охирида маълум қилинган эди. “Чемпионат” ва Sports.ru нашрларининг ёзишича, “Локомотив” ўйинчи учун 1 миллион евродан кўпроқ пул таклиф қилган. Бу пулнинг юз минг евродан кўпроғи “Бунёдкор”га ўйинчи билан шартномани бекор қилиши учун, 900 минг евроси эса футболчининг агентларига берилиши айтилган.
Жасур Жалолиддинов “Бунёдкор” академиясининг тарбияланувчиси ҳисобланади. У 16 ёш 80 кунлигида “Бунёдкор” учун майдонга тушиб, Ўзбекистон чемпионати тарихида энг ёш ўйинчи бўлган.
2019 йилда The Guardian газетаси Жалолиддиновни 2002 йилда туғилган “Жаҳон футболининг 60 нафар энг яхши ёш истеъдодлари” рўйхатига киритган.