Ўзбекистонда иситмани пасайтирувчи, вирусга қарши ва антибиотик дори-дармонлар тақчиллиги ҳамда улар ўз баҳосидан қиммат нархларга сотилиши кузатилмоқда. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 17 август куни маълум қилди.
Хабарда айтилишича, агентлик томонидан ўтказилган текширувлар натижасида республика бўйича 3000 дан ортиқ дорихона раҳбарлари ва ходимларига расмий огоҳлантириш хатлари берилди.
Дори-дармонлар таъминоти ҳолати ўрганилганда, “Арбидол”, “Плаквенил” ва “Клексан” номли дориларга аҳоли талаби юқори бўлган ва сўнгги ойларда дорихоналарда бу дориларнинг кескин танқислиги юзага келган.
Бундан ташқари дорихоналарда "Визавирин", "Алувиа", "Эликвис" каби дорилар йўқ экани аниқланган.
Республика бўйича 14та аптекадагина “Арбидол” ва “Арпефлю” дори воситаси мавжудлиги ҳамда уларнинг қолдиқ захираси камлиги (605 қути) кузатилди.
“Ўрганилган дорихоналарнинг фақат 3 тасида (Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Тошкент вилояти) Гидроксихлорохин таркибли (малярияга қарши восита) “Плаквенил” (Испания) дори воситаси борлиги ва улардан ФАҚАТ 12 қути қолганлиги кузатилди”,-дейилади хабарда.