Хориж давлатларида самарали меҳнат қилиб, муваффақиятга эришган ўзбекистонликларнинг исм- шарифлари президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яратилган “Олтин дафтар”га қайд этилади. Бу ҳақда 17 август куни “Ўзбекистан 24” телеканалига ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев маълум қилди.
Унга кўра, “Олтин дафтар”га чет элда ишлайдиган фуқаролар - потенциал сармоядорлар, нуфузли хорижий университетларнинг профессорлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари киритилади.
Фарҳод Арзиев бундай дафтарнинг юритилишидан аниқ мақсад нима эканини “Ўзбекистон 24”га берган интервьюси давомида тўлақонли равишда тушунтирмади. Телеканал мухбири эса унга “Олтин дафтар” моҳияти ҳақидаги саволларни бермади.
“Яна бир муҳим йўналиш президентимиз томонидан белгилаб берилди — „олтин дафтар“ атамасини жорий қилишни таклиф қилди. Бу салоҳиятли инвестор бўладими, ёки нуфузли хорижий университетларда ишлаётган профессорлар бўладими, халқаро ташкилотларда ишлаётган ватандошларимиз бўладими, улар мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшиши мумкин”, — деди Фарход Арзиев.
Ўзбекистонда аввалроқ “Темир дафтар” деган атама тамойилга киритилган эди. "Темир дафтар"га аҳолининг заиф қатламлари, маҳаллалар орқали давлат томонидан бериладиган молиявий ёрдамга муҳтож оилалар қайд этилади.
Маълумот учун: 17 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида меҳнат муҳожирлари масаласига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.