ЮНИСЕФ Ўзбекистон ҳукуматини мактабларни қайта очилишидан олдин сув билан таъминлашга, санитария ва гигиена шароитларини яхшилашга чақирди.
Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси расмий сайтида эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, мамлакатдаги мактабларнинг 13 фоизида ўқувчилар қўлларини совун ва сув билан ювиш учун зарур шароитга эга бўлмаган.
Айни пайтда ҳисоботда мамлакатдаги мактабларнинг 83 фоизи тоза ичимлик сувидан фойдаланиш ва 78 фоизи асосий санитария шароитларига эга экани қайд этилган.
Ҳисоботга билдирилишича, Ўзбекистонда мактабларнинг ёпилиши 8 миллиондан ортиқ боланинг таълим олишига ўз таъсирини кўрсатди.
ЮНИСЕФ мактабларни босқичма-босқич қайта очиш жараёни хавфсиз бўлиши лозимлигини билдирган ҳолда: “Мактаблар қайта очилишидан олдин улар сув билан таъминланиши, санитария ва гигиена шароитлари сифатли ва етарли миқдорда йўлга қўйилиши керак. Ўқувчиларга ўқиш учун хавфсиз, ишончли қулай муҳит яратиш мақсадида мактабларда тозалаш ва дезинфекциялаш ишлари тегишли равишда таъминланганига ишонч ҳосил қилиш керак”, деб маълум қилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТнинг болалар фонди- ЮНИСЕФ 13 августда эълон қилган ҳисоботда дунё давлатларида 820 миллионга яқин бола мактабларда қўл ювиш учун зарур бўлган воситаларга эга эмаслиги ва бунинг оқибатида улар COVID-19 ҳамда бошқа юқумли касалликларга чалиниши эҳтимоли кучли экани таъкидланди.