Беларус президенти Александр Лукашенко мухолифат мувофиқлаштирувчи кенгаши ташкил этилишини “ҳокимиятни босиб олиш уриниши”, деб баҳолади. Бу ҳақда ҳукуматга қарашли БелТА агентлиги хабар берди.
Мазкур кенгаш ташкил этилиши ҳақида 14 август куни президентлик сайловида Лукашенконинг асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская маълум қилган эди.
Кенгаш 30 кишидан иборат бўлиб, унинг таркибига Тихановская сайлов штабининг бошлиғи Мария Колесникова, “Весна” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раиси Алесь Беляцкий ва Нобель мукофоти лауреати Светлана Алексиевич ҳам киритилган.
Кенгаш аъзоларини “ошкора нацистлар” деб атаган Лукашенко ўз сўзи давомида: “Улар оз эмас, кўп эмас, ҳокимиятни топширишни талаб қилишмоқда. Демак, биз буни ҳокимиятни босиб олиш уриниши сифатида баҳолаймиз”, деб билдирди.
Лукашенко кенгаш аъзоларига нисбатан “адекват чоралар кўрилиши”ни ваъда қилди.
Беларусдаги йирик корхоналар ишчилари 9 августда ўтган президентлик сайловида Александр Лукашенко ғалаба қозонгани эълон қилингани ортидан бошланган норозилик намойишларини давом эттириб, 17 августдан муддатсиз иш ташлаш эълон қилдилар.
Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская “миллий лидер бўлишга тайёр экани”ни эълон қилиб, видеобаёнот тарқатди.
9 август куни бўлиб ўтган сайловда амалдаги президент Лукашенко 80,1 фоиз овоз тўплагани, унинг асосий рақиби Светлана Тихановская эса атиги 10,1 фоиз овоз олгани эълон қилинди.
Мухолифат ва норозилар овоз бериш натижалари сохталаштирилган деб ҳисоблаб, Лукашенконинг истеъфо беришини талаб қилишмоқда.