Бобомурод Абдуллаевнинг адвокатлари Қирғизистон Бош прокуратурасига шикоят аризаси киритди

Бишкек суди Бобомурод Абдуллаевни 2020 йил 8 сентябригача ҳибсда сақлаш қарорини чиқарган.

Бишкекда қўлга олинган ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаевнинг адвокатлари Қирғизистон Бош прокуратурасига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари устидан шикоят киритди.

Адвокатлардан бири Тимур Султановнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига билдиришича, шикоятда Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсда сақланаётган Абдуллаев олдига бир ҳафтадан бери адвокатларни киритмаётгани қайд этилган.

Адвокатларга кўра, Миллий хавфсизлик қўмитаси коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган санитария нормаларига асосан адвокатлар Абдуллаев олдига вақтинча киритилмаётганини билдирмоқда.

Бобомурод Абдуллаевнинг рафиқаси Қутлиқиз Балхибоева 18 августда Озодлик билан суҳбатда эрининг Бишкек расмийлари томонидан махфий равишда Ўзбекистонга топширилган бўлиши мумкинлигидан ташвишга тушиб қолганини айтган эди.

Ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаев 9 август оқшомида Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинганди. МХДҚ журналистнинг Ўзбекистон сўровига кўра ушланганини билдирган.

10 август куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди Б. Абдуллаевни 8 сентябргача ҳибсда сақлаш бўйича қарор чиқарган. Суд қарорига кўра, журналист бу муддат ичида МХДҚнинг тергов ҳибсхонасида ушлаб туриладиган бўлган.

Бобомурод Абдуллаевнинг қўлга олиниши ортидан “Чегарасиз мухбирлар” (RSF), Amnesty International, Association for Human Rights in Central Asia (AHRCA), Civil Rights Defenders, International Partnership for Human Rights (IPHR), Freedom House, Freedom Now, Norwegian Helsinki Committee (NHC), Human Rights Watch (HRW) ҳамда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists) каби нуфузли ташкилотлар расмий Бишкекни ўзбекистонлик журналистни зудлик билан озод қилишга чақирганлар.

Бу каби чақириққа АҚШ Давлат департаменти ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэль Розенблюм ҳам қўшилган.