Бишкек шаҳар суди 20 август куни ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг апелляция тартибида киритган шикоят аризаси бўйича жараённи давом эттиради. Бу ҳақда “Бир дунё-Қирғизистон” ҳуқуқ ташкилоти 19 августда маълум қилди.
69 ёшли ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 25 июлда қамоқхонада пневмония оқибатида вафот этган ва ўзининг васиятига асосан 31 июль куни Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидаги “Дархон ота” қабристонида дафн этилган эди.
У 2019 йилнинг 23 ноябрида Қирғизистон ҳукуматини “БМТ тавсияларини эътиборга олмай, ҳануз ўзини қамоқда сақлаётгани” учун судга берган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 2016 йилда Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини ва у қамоқда ноқонуний сақланаётгани тўғрисида қарор чиқарганди.
2020 йилнинг 12 июнида Бишкек маъмурий суди Асқаровнинг Қирғизистон ҳукумати устидан киритган шикоятини кўриб чиқишдан бош тортган эди. Асқаров суднинг бу қарори устидан Бишкек шаҳар судига ариза киритганди.
Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган.
2010 йил июнь воқеаларидан кейин у тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб, қўлга олинган. Барча суд инстанциялари қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
А.Асқаровнинг вафотидан сўнг қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистон расмийлари номига танқидий фикрлар билдириб, унинг ўлими билан боғлиқ вазият юзасидан суриштирув ўтказишга чақирган.