Мухолифат президентлик сайлови натижаларидан норозиларни якшанба – 23 август куни “Янги Беларус марши” деб номланган намойишда иштирок этишга чақирди.
Мухолифат бу марш куннинг иккинчи ярмида Минск ва бошқа йирик шаҳарларда ўтказилиши режалаштирилаётганини билдирди. Мазкур намойишда Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби бўлган Светлана Тихановская ташаббуси билан ташкил этилган Мухолифат мувофиқлаштирув кенгаши лидерлари муҳим баёнот билан чиқишлари режалаштирилмоқда.
9 августдан бери давом этаётган норозилик намойишлари иштирокчилари сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб, Лукашенконинг истеъфосини талаб қилмоқда.
16 август куни ўтган энг катта норозилик намойишида Лукашенко истеъфоси билан биргаликда барча сиёсий тутқунларин озод қилиш ҳамда қийноқлар ва зўравонликларни амалга оширган полиция ходимларини судга тортиш талаб қилинган эди.
19 август куни Александр Лукашенко КГБга норозилик намойишлари ташкилотчиларини аниқлаш ҳамда уларнинг ҳаракатларини тўхтатиш кўрсатмасини берди.