Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши расмийси ҳукумат криминалга енгилганини иддао қилди

Ўмурбек Суваналиев парламент депутатлигига номзод сифатида кўрсатилган.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Ўмурбек Суваналиев қирғиз ҳукумати криминалга таслим бўлганини айтди.

У кузда ўтадиган парламент сайловида иштирок этадиган қатор партияларнинг ортида “жиноят олами” турганини таъкидлаб, сиёсатчилар уларга хизмат қилаётганини қўшимча қилди:

-Қирғизистон парламентида ҳамма жойда коррупция кучайгани айтилади. Бироқ коррупциянинг бошида уюшган жиноий гуруҳлар турганини, коррупцияни ўшалар бошқараётганини ҳеч ким айтмайди. Эрта-индин ўлдириб кетишмасин, деб қўрқишади. Бунинг сабаби ҳукумат уюшган жиноий гуруҳларга енгилиб қолганидадир,- деди расмий 19 август куни ўтган “Бутун Қирғизистон” партияси қурултойида.

Ўмурбек Суваналиев мазкур партия номидан парламент депутатлигига номзод сифатида кўрсатилган.

Қирғизистон парламентига навбатдаги сайлов 4 октябрда бўлиб ўтади. Тарғибот-ташвиқот ишлари эса 4 сентябрда бошланади.