UzAuto Motors: Автомобиллар нархини пасайтириш имконсиз

UzAuto Motors Монополияга қарши кураш қўмитаси устидан судга шикоят қилади.

UzAuto Motors автомобиллар нархи асосли эканини ва ҳозирги вазиятда нархни пасайтириш имконсиз эканлигини маълум қилди.

Ширкат 20 август куни тарқатган расмий баёнотда UzAuto Motors Монополияга қарши кураш қўмитасининг нархларни пасайтириш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят киритишини билдирган.

“Монополияга қарши курашиш қўмитаси қошидаги махсус комиссия қабул қилган қарор узил-кесил ҳисобланмайди – кейинги хатти-ҳаракатлар суд муҳокамалари якунларидан келиб чиқиб белгиланади”,-дейилади расмий баёнотда.

19 август куни Монополияга қарши кураш қўмитаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунни бузган деган асосда UzAuto Motors ишини кўриб чиққан эди.

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг билдиришича, ширкат автомобиллар нархини уч миллиондан 19 миллион сўмгача бўлган миқдорда асоссиз оширган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ширкатга март ойидан буён, яъни янги асоссиз оширилган нархларда автомобилларни сотиб олган мижозлар билан қайта ҳисоб китоб қилиш топшириғи берилгани хабар қилинганди.