"Ўзбекистон темир йўллари" ўзининг навбатдаги йўловчи поезди ўзбекистонликларни Россиянинг Ростов вилоятидан олиб келишга Тошкентдан жўнаб кетганини маълум қилди.
Ширкатнинг маълум қилишича, "Тошкент-Гниловская (Ростов-Дон)-Тошкент" йўналиши бўйича йўлга чиққан поезд 918 нафар ўзбекистонликни 26 август куни Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида Тошкентга олиб келади.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ўзбек ватандошлари Тошкентга келиши билан Намангандаги карантин зонага юборилишини билдирди.
"Шу боис қариндошларидан вокзалга кутиб олишга келмасликни сўраймиз", дейилади вазирлик баёнотида.
Россия-Қозоғистон чегарасида қўлбола чодирлар тикиб, ва оғир шароитда кун кечираётган ўзбек мигрантлари ҳаётлари Россия, Қозоғистондаги қатор етакчи интернет нашрлари томонидан ёритилганди.