Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати: Экстрадиция ҳақида ДХХ мени хабардор қилмади

Uzbek journalist Bobomurod Abdullaev

Қирғизистонда қўлга олинган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоров 22 август куни Озодлик билан суҳбатда ўз мижозининг Бишкекдан Тошкентга экстрадиция қилингани ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати уни хабардор қилмаганини айтди.

- Мен Бобомурод Абдуллаевнинг авдвокатиман, лекин мижозимнинг Тошкентга олиб келингани ҳақда ДХХ ҳалигача менга маълумот бергани йўқ. Холбуки, аввалроқ, мен ДХХга расман мурожаат қилиб, Абдуллаев Ўзбекистонга олиб келинса менга бу ҳақда олдиндан маълум қилишларини сўрагандим, - деди Майоров.

Тошкентдаги "Симай" адвокатлик бюроси раҳбари Сергей Майоров, шунингдек, Озодлик билан суҳбатда 21 август куни Тошкент шаҳар судидан унга қўнғироқ қилиб, Абдуллаев иши билан танишиб кетишини сўрашганини айтди.

Лекин, Майоровга кўра, кейин унга яна қўнғироқ қилишиб, Тошкент судига келмаслигини, лозим бўлса ўзлари алоқага чиқишларини айтишган.

- Кеча куни бўйи қўнғироқ кутдим, Тошкент шаҳар судидан ҳеч ким қўнғироқ қилмади, - деди Майоров.

22 август куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Ўзбекистон сўровига биноан журналист Бобомурод Абдуллаевни Тошкентга топширганини маълум қилди.

Қўмитанинг қайд этишича, Ўзбекистон томони журналистга ҳимоя учун барча имкониятларни тақдим этишга, қийноқ қўлламасликка, шафқатсиз муомала қилмасликка ҳамда зарур бўлган тақдирда, керакли тиббий ёрдам кўрсатишга кафолат берган.

Бир кун олдин Абдуллаевнинг онаси Гавҳаржон Мадаминова ўғлининг Ўзбекистонга олиб келинаётгани ҳақида Би-Би-Си ўзбек хизматига маълум қилганди.