Беларус мухолифати Олий судга расмий шикоят йўллади

Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская 9 август куни ўтказилган сайлов натижалари борасида мамлакат Олий судига расмий шикоят йўллади.

Беларусда сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин бошланиб кетган норозилик намойишлари 13 кундан бери тинчимаяпти.

Сайлов ортидан Литвага қочишга мажбур бўлган Тихановская Вильнюсда матбуот анжумани ўтказиб, ватанига ўзини у ерда хавфсиз ҳис қила оладиган кун келса, қайтишини айтди.

Тихановскаянинг адвокати Максим Знак 21 август куни Беларусь Олий судига сайлов натижаларини бекор қилиш сўралган шикоят йўлланганини айтди.

Тихановская ватандошлари президент Александр Лукашенко етакчилигини «энди ҳеч қачон тан олмаслигини» таъкидлади.

Аввалроқ мухолифатчи навбатдаги видеомурожаатида давлатга тегишли корхоналар ишчиларини расмийлар дўқ-пўписаларига қарамасдан намойишга чиқишда давом этишга чорлади.

Ҳозиргача норозилик намойишларида қатнашган 7 мингга яқин одам ҳибсга олинди, уч одам ўлди. Беларусь полицияси намойишчиларни аёвсиз калтаклади, айрим ҳолатларда намойишчиларга ўқотар қуролдан ўт очилди. Озодликка чиқарилган юзлаб намойишчи ҳибсда полиция уларни калтаклаганини ва таҳқирлаганини сўзлаб берди.

Европа Иттифоқи президентлик сайлови натижаларини тан олмаслигини маълум қилиб, мамлакат ҳукуматига қарши санкция жорий қилишини билдирди.