Қирғизистонда ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг онаси Гавҳархон Мадаминова 22 август куни Тошкентга олиб келинган ўғли билан видеомулоқот уюштирилганини айтди.
Мадаминованинг Озодликка айтишича, ўзини Хоразм вилоят ҳокимлигиданман, деб таништирган шахс уйига келиб ўғли Бобомурод Абдуллаев билан видеомулоқот уюштирган.
Маҳаллий вақт билан 12.20ларда бўлган видеосуҳбат, Мадаминовага кўра, қисқа бўлган.
"Аввалги жойдаман, аввал мени сўроқ қилган одамлар биланман, тушлик қиляпмиз", деди. "Бугун Бишкекдан учоқ йўқ эдику, қандай олиб келишди?", десам "мени қора ҳарбий самолётда олиб келишди", деди. Кейин, Иродахонни (Бобомуроднинг Тошкентда яшайдиган синглиси) уйини калити қаерда, кечроқ қўйиб юборишса, борарман, деди. Яхши муносабатда бўлишаётган экан. Мен "Қора мерган" айбловини бўйнинга қўйишса, бўйнинга олма дегандим, шу пайт боламни кўзига ёш келди", - дейди Гавҳаржон Мадаминова.
Бобомурод Абдуллаевнинг кейинги тақдири Озодликка маълум эмас. Тошкент вақти билан 18.00га қадар олинган маълумотга кўра, у синглисининг уйига бормаган.