Беларусда Мухолифат мувофиқлаштирув кенгашининг икки аъзоси қамоққа олинди. Шунингдек, кенгашнинг яна бир аъзоси - Лилия Власова Тергов қўмитасига чақиртирилди.
Тихановскаянинг асосий ёрдамчиси Ольга Ковалькова ва иш ташлашларнинг ташкилотчиси Сергей Дилевский 24 август куни эрталаб қўлга олинган. Улар Минск трактор заводида рухсат берилмаган митингни ўтказишда айбланмоқда.
Завод ишчиси бўлган 30 ёшли Сергей Дилевский президент Александр Лукашенкони аёвсиз танқид қилгани учун маҳаллий полиция ва халқаро матбуот назарига тушган эди.
Якшанба куни Лукашенко ишчилари ҳокимиятга қарши намойишларга чиққан заводлар ёпилишини эълон қилди.
Беларусда 9 август куни ўтган президентлик сайловида Александр Лукашенко 80 фоиздан ортиқроқ овоз олгани эълон қилингани ортидан бошланиб кетган норозилик намойишлари 17 августда оммавий иш ташлашларга айланиб кетди.
Лукашенконинг сайловдаги асосий рақиби Светлана Тихановская сайлов натижаларини тан олмаслигини ва овоз бериш ғолиби ўзи бўлганини эълон қилган.
Ҳозиргача норозилик намойишларида қатнашган 7 мингга яқин одам ҳибсга олинди, уч одам ўлди.
Беларусь полицияси намойишчиларни аёвсиз калтаклади, айрим ҳолатларда намойишчиларга ўқотар қуролдан ўт очилди.
Озодликка чиқарилган юзлаб намойишчи ҳибсда полиция уларни калтаклаганини ва таҳқирлаганини сўзлаб берди.
Европа Иттифоқи президентлик сайлови натижаларини тан олмаслигини маълум қилиб, мамлакат ҳукуматига қарши санкция жорий қилишини билдирди.