Германия канцлери Ангела Меркель ва Ташқи ишлар вазири Хайко Маас Россия ҳукуматини мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолатни диққат билан тергов қилишга чақирди.
Меркель ва Маас Навальний даволаниш учун олиб келинган Берлиндаги "Шарите" клиникаси шифокорлари ўткизган тест натижалари мухолифатчининг заҳарланганини тасдиқлагани ортидан 24 август куни қўшма баёнот берди.
Шифокорларнинг билдиришларича, Навальнийнинг қонида холинэстераз ингибиторлари туркумидан бўлган токсин борлиги аниқланган. 2018 йилда Лондонда Юлия ва Сергей Скрипалларни заҳарлашда қўлланилгани билдирилган “Новичок” моддаси ҳам мана шу туркумга киради.
Россия ҳукумати ҳозирча “Шарите” шифокорларининг Навальний қонидан заҳарли модда топилгани тўғрисидаги билдируви, Меркель ва Маас баёнотига муносабат билдирмади.
20 август куни эрталаб Томскдан Москвага учаëтган пайтда Навальнийнинг аҳволи тўсатдан ёмонлашгани ортидан самолëт Омск аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Ўшанда Навальний ëнида бўлганлар дарҳол унинг Томск аэропортида ичган чойдан заҳарланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган эдилар.
21 август куни Омск касалхонаси бошлиғи Калиниченко касалхонанинг токсикология бўлимида беҳуш қолаётган Алексей Навальний организмида ҳеч қандай заҳар аломатлари топилмаганини билдирганди. Навальний 22 август куни Германияга даволаниш учун олиб кетилган.