Беларусь президенти сайловида президентликка номзод сифатида иштирок этган ва сайловнинг расмий натижаларига кўра иккинчи ўринни эгаллаган Светлана Тихановская мамлакат ҳокимиятини мунозарали президент сайлови ортидан юзага келган сиёсий бўҳронни тинч ҳал қилиш учун мулоқот бошлашга чақирди.
25 август куни видео орқали Европа парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси олдида сўзлаган Тихановская Беларусь расмийларини аҳолининг сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, барча сиёсий маҳбусларни қўйиб юборишга ҳамда «зўравонлик ва таҳдидларни» тўхтатишга чақирди.
9 август куни бўлиб ўтган сайлов натижалари эълон қилиниши ортидан Литвага қочиб ўтишга мажбур бўлган Тихановская:
- Беларусь уйғонди. Биз энди мухолифатдаги озчилик эмас, балки кўпчиликни ташкил қиламиз, - деди.
Тихановская якшанба куни 200 мингдан ошиқ одам норозилик намойишига чиққанини қўшимча қилди.
Мухолифатчи, шунингдек, бошқа давлатларни мамлакат суверенитети ва ҳудудий бирлигини ҳимоя қилган ҳолда Беларусь халқининг очиқ ва адолатли сайлов натижаларига эришиш истагини қўллашга чорлади.
- Халқ иродаси синмайди. Диалог орқали очиқ ва адолатли сайловларга эришиш истагимизни изҳор қиламан, - деди у.
Беларусда 9 август куни бўлиб ўтган сайловда амалдаги президенти Александр Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тўхтамаяпти.
Тихановская расмийларнинг намойишчилар зўравонликка қўл ургани айтар экан, тартибсизликларни намойишчилар келтириб чиқаргани ҳақидаги иддаоларини рад этди.
- Бу демократик инқилоб, аҳолининг эркин ва очиқ сайлаш истаги, - деди у.
Бу орада Беларусь расмийлари мухолифат тузган Мувофиқлаштириш кенгаши ҳамда намойишчиларга қарши босимни кучайтирмоқда.
Тихановскаянинг Беларусдаги асосий намояндаси Вольга Ковалькова ҳамда намойишларни уюштиришда қатнашган Сергей Дилевский 25 август куни судда кўрсатма берди. Улар Минск трактор заводида рухсат берилмаган намойишни уюштиришга уринишда айбланмоқда.
Ўтган ҳафтада Беларусь мухолифати мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил қилган эди. Бу ҳолатни Лукашенко «ҳокимиятни босиб олишга уриниш», деб баҳолади. Прокурорлар эса кенгаш аъзоларига қарши жиноят ишларини очди.
Лукашенко мамлакат армиясини тўлиқ жанговар шай ҳолатга келишни буюрди. Бу эса авторитар президент мисли кўрилмаган намойишларни куч ишлатиб бостириши мумкинлиги ҳақида хавотирларга сабаб бўлмоқда.
Адабиёт бўйича Нобель мукофоти билан тақдирланган Беларуслик ёзувчи Светлана Алексиевич 26 август куни судга чақирилди. Ёзувчи сайлов натижалари сохталаштирилганини айтиб келади.
Лукашенко Беларусда намойишлар уюштирувчилари билан содир бўладиган ҳар қандай тўқнашувда Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти уни қўллашини таъкидлади.
Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ сайловни танқид қилиб, намойишчиларга қарши кўрилган чораларни қоралади. Европа Иттифоқи Беларусь расмийларига қарши санкция жорий қилиши кутилмоқда.
Беларусдаги демократик ҳаракатни қўллаш учун Чехия ҳукумати 400 минг евро қийматга эга бирдамлик жамғармасини тузди. Бу маблағ ёрдамида намойишларда зўравонлик қурбони бўлганларга ёки ишсиз қолганларга ёрдам кўрсатилади.