АҚШ Германия врачлари дастлабки текширувларда Россия мухолифати лидери Алексей Навальний заҳарланганини қайд этганидан хавотир билдирди.
“Агар Навальнийнинг заҳарлангани тўғрисидаги маълумотлар тасдиқланса, АҚШ Европа Иттифоқининг бу воқеа юзасидан кенг қамровли халқаро тергов ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлайди ҳамда бу терговга ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр бўлади”, -дейилади АҚШ Давлат котиби Майк Помпео баёнотида.
Помпео ўз баёнотида Навальнийнинг оиласи ва Россия халқи кенг қамровли ва шаффоф тергов ўтказиш ҳамда айбдорлар жазоланишига эришиш ҳуқуқига эга экани қайд этилади.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги бунга жавобан ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби ўринбосари Стивен Биган ўтказган маслаҳатлашувда Алексей Навальний масаласи ҳам муҳокама қилинганини билдирди.
Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Россия Навальнийнинг заҳарлангани тўғрисидаги асоссиз маълумотлар тарқатилишига йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаши таъкидланган.
20 август куни эрталаб Томскдан Москвага учаëтган Навальний самолётда ўзини ёмон ҳис қилгани ортидан самолёт Омскка фавқулодда қўнишга мажбур бўлди ва мухолифатчи маҳаллий шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилди. Оиласи ва сафдошлари Навальнийнинг чойга аралаштирилган токсин билан заҳарланганини айтиб келмоқда.