Ўзбекистондаги “Меҳр-шафқат ва Саломатлик” жамоат жамғармаси директори ва ходимлари 2 миллиард 800 миллион сўмни талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда “Газета.uz” 26 августда Бош прокуратурага таяниб хабар берди.
Хабарда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда жамғарманинг мансабдор шахслари ўзаро олдиндан тил бириктириб, дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини қиммат нархларда сотиб олгани тасдиқланган.
“Мазкур ҳолат юзасидан жамғарма директори М.А. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, -дейилади хабарда.
Озодлик радиоси президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни қисқа муддатда фуқаролар, давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан "”Меҳр-шафқат ва Саломатлик" жамғармасига 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ўтказганини маълум қилгани ҳақида хабар берганди.
Жумладан, бир гуруҳ таниқли санъаткорлар ҳам мазкур жамғармага 350 миллион сўмдан кўпроқ маблағ ўтказиб берган.
1 апрель куни Ўзбекистон давлат телеканаллари коронавирус карантинини Тошкентда ўтказаëтган миллиардер Алишер Усмоновнинг айни шу фондга 20 миллион доллар хайрия қилганини хабар берди.
Айрим ўзбекистонликлар Озодлик радиосига мазкур жамғармадан ёрдам олиш имконияти йўқлигидан шикоят қилишган эди.
“Меҳр-шафқат ва Саломатлик” жамоат жамғармаси Ўзбекистон хукуматининг 1988 йил 28 ноябр 444-сонли қарорига асосан 1989 йил февраль ойида бўлиб ўтган конференцияда таъсис этилган. Жамғарма 2014 йил 21 ноябрида 389п-сони билан Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан қайта давлат рўйхатига олинган.