“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилоти ўз стипендианти бўлган журналист Бобомурод Абдулаеев Қирғизистонда қўлга олиниб, Ўзбекистонга топширилганидан ташвиш билдирди.
Ташкилот 27 августда тарқатган баёнотда: “Тошкентни ундан айбловни олиб ташлашга ва мамлакатни хавфсиз равишда тарк этишига рухсат беришга” чақирди.
RSF Бобомурод Абдулаеевнинг 9 августда Қирғизистонда қўлга олиниб, 22 августда Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини “халқаро конвенцияларнинг бузилиши”, деб баҳолади.
“Агар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ислоҳотларни амалга оширишга жиддий ёндашаётган бўлса, Бобомурод Абдуллаевдан ҳамма айбловлар зудликда олиб ташланиши ва ўзбек ҳукумати унинг Германияга етиб келиши учун хавфсизлигини таъминлаши зарур”, -дейилади баёнотда.
Бишкекдан Тошкентга олиб келинган Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон ДХХ ходимлари тарафидан саккиз соат сўроқ қилиниши ортидан уйига қўйиб юборилди.
Шундан сўнг журналист президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдириб, видеомурожаат эълон қилган.
Айни пайтда Бобомурод Абдуллаевга қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ишлари давом этмоқда.
Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон сўровига кўра 9 август куни Бишкекда қўлга олинган эди. Бобомурод Абдуллаев қирғизистонлик журналистларга ўзбек расмийлари томонидан “Қора мерган” тахаллуси билан ёзаётган шахс сифатида гумонланаётганини айтган, бироқ ўзининг бу тахаллус остида мақолалар ёзганини қатъиян рад этган.