“Ўзбекистон” телеканалининг “Муносабат” ток шоусининг навбатдаги сонида эксперт сифатида иштирок этган Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Мансур Мусаев ва Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ёшлар орасида урф бўлган кийиниш стилини танқид қилди.
Мансур Мусаевнинг айтишича, “калта пайпоқ кийиш гейларнинг одати бўлган”, сочни калтайтирганда “турли чизиқлар қўйилиши ҳам гейларнинг” одатидир. Эксперт “гейлар шу йўл билан бир-бирларини таниб олганлари”ни таъкидлади.
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев эса: “Эрталабки маънавий-маърифий кўрсатувда костюм кийган, ‘бабочка’ таққан, аммо шими йиртиқ, оёғида пайпоғи йўқ. Туфли билан ўтирган” шахсни танқид қилди.
Ижтимой тармоқларда мазкур кўрсатувда билдирилган фикрлар юзасидан айрим блогерлар танқидий фикрларни айтмоқда. Жумладан, Bukhara Info телеграм каналида блогерлардан бири: “Бу сохта экспертлар ўзгаларнинг шахсий ҳаётини муҳокама қилишдан бошқа нарсага ярамайди. Улардан ҳеч қандай фойда йўқ. Уларни ғорга қайтаринг”, деб фикр билдирди.
Айни пайтда ижтимоий тармоқларда мазкур экспертлар фикрини қўллаб-қувватловчилар ҳам йўқ эмас.