Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 14 сентябрдан очилиши кутилаётган умумий ўрта таълим мактабларига 10 минг тиббиёт ходими жалб қилинади.
Расмий баёнотга кўра, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов мактабларда янги ўқув йилини ташкил этишда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида шуни маълум қилган.
"Тиббиёт ходимлари мактабларда фильтрларни ташкил қилади, тана ҳарорати кўтарилган ва бемор деб топилган ўқувчилар хақидаги маълумотни ҳудуддаги тегишли муассаса раҳбарларига етказади".
"Бемор аниқланган хонадонда санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилиш тартибини назорат қилади".
Янги ўқув йилида мамлакат бўйлаб 9 минг 942 та мактаб ишлайди, 480 мингдан ортиқ ўқитувчи дарс беради, 6,2 миллиондан ортиқ ўқувчи таълим олади.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 25 август куни ўзбекистонлик ота-оналарга мурожаатини эълон қилди.
Вазирнинг Телеграм каналида эълон қилинган мурожаатда, бу йилги ўқув йилининг 14 сентябрда бошланиши кутилаётгани айтилди.
Вазирга кўра, бу йил сентябрда умумтаълим мактабларидаги ўқишга 3 та сценарий асосида ҳозирлик кўрилган:
1) анъанавий мактабни очиш,
2) онлайн мактаб орқали ўқитиш
3) аралаш (гибрид) сценарий – ҳам анъанавий, ҳам онлайн.
Вазир сўров ҳануз давом этаётганини билдирди ва ота-оналарни унда фаол қатнашишга чорлаганди.