Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов вафот этди

Актёр коронавирусдан даволанаётгани ва унинг аҳволи оғир экани айтилган эди.

Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов вафот этгани тўғрисида 31 августга ўтар кечаси Маданият вазирлиги маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда актёр коронавирусдан даволанаётгани ва унинг аҳволи оғир экани айтилган эди. Бироқ Маданият вазирлиги баёнотида Фатхулла Маъсудов ўлими сабаблари ҳақида маълумот берилмади.

1963 йил Тошкент шаҳрида туғилган Фатхулла Маъсудов 1980−1984 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган.

У меҳнат фаолиятини 1986 йилдан Ўзбек давлат академик драма театри режиссёр ёрдамчиси сифатида бошлаган. 1988 йилдан эса актёр сифатида фаолият кўрсатган.

2015 йилдан Ўзбек Миллий академик драма театри директори вазифасини вақтинча бажарувчи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Фатхулла Маъсудов 1999 йили “Шухрат” медали, 2003 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлган. 2014 йили “Мехнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган эди.