Қримда тинтувдан кейин қрим татарларидан тўрт нафари қўлга олинди

Россия томонидан аннексия қилинган Қримда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари аввал уйида тинтув ўтказилган тўрт нафар қрим татарини ушлаб кетганлар. Бу ҳақда “Қрим бирдамлиги” жамоатчилик бирлашмаси Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Қўлга олинганлар орасида “Қрим бирдамлиги” ҳамда “Грани.ру” нашри мухбири Айдер Қодиров, масжид муаззини Ридвон Умеров, фаоллар Айдер Аблякимов ва Энвер Тўпчилар бор.

Улар қандай жиноятни содир этганликда гумонланаётгани ҳозирча аниқ эмас, чунки адвокатлар тинтувга қўйилмаган. Бу ҳақда “Интерфакс”га адвокат Эмиль Курбединов билдирган.

Айдер Қодировнинг рафиқасига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари тинтув чоғида террор ташкилоти фаолиятини ташкил этганликка оид модда бўйича баённома ҳақида гапирганлар.

Тинтув ўтказган ҳуқуқ-тартибот идоралари қрим татарларининг уйида ўтказилган тинтув ҳамда уларнинг қўлга олиниши юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Россия 2014 йили Қримни аннексия қилиб олган. Москва буни “тарихий адолатнинг тикланиши” деб баҳолаган. Халқаро ҳамжамият Қрим аннексиясини ноқонуний, деб топган. Ғарб мамлакатлари Россияга қарши санкциялар жорий қилган. Аннексияга қарши чиққан қрим татарлари мунтазам равишда Россия полицияси ва федерал хавфсизлик хизмати томонидан таъқиб қилинаётганлари ҳақида билдириб турадилар.