Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси ишчи гуруҳи Берадор (Бек) Бўрбиевнинг “Мекеним Қирғизстан” қўшиғида ташвиқот аломатлари бор, деган хулосага келди. Хонандага 7,5 минг сўм (тақрибан 100 АҚШ доллари) миқдорида жарима солишга қарор қилинди.
Марказий сайлов комиссияси матбуот котиби Руслан Изреков Озодликнинг қирғиз хизматига мазкур масала 29 август куни МСКнинг икки ишчи гуруҳи мажлисида кўриб чиқилганини маълум қилди.
“Мекеним Қирғизстан” партиясидан номзод бўлган қўшиқчининг хатти-ҳаракатлари кодекснинг 44-моддасини бузиш, дея эътироф этилган, бу эса 75 та ҳисоблаш кўрсаткичи, яъни 7,5 минг сўм миқдорида жаримага сабаб бўлади. МСКнинг ваколатли ходимига баённома тузиб, жаримани ундириб олиш топширилди”, деган Изреков.
Бўрбиевнинг “Мекеним Қирғизстан” (“Ватаним Қирғизистон”) деб номланган қўшиғи август ойи охирида тарқалган. Видеоклипда 4 октябрга белгиланган парламент сайловида иштирок этаётган “Мекеним Қирғизстан” партиясининг логотипи бир неча бор кўрсатилгани жамиятда танқидларга сабаб бўлган.
Хонанда Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида 3 та сиёсий партия гимнининг муаллифи бўлиб ҳисобланиши ҳамда бундан буён ҳам сиёсий партиялар учун қўшиқлар ёзишни режалаётганини билдирган. Бироқ “Мекеним Қирғизстан” партияси учун ёзилган гимн ҳақида Бўрбиев конкрет изоҳ бермаган, партиянинг ўзи ҳам мазкур масала юзасидан ҳали бирор изоҳ берганича йўқ. Бўрбиев партиянинг 20 август куни ўтказилган қурултойида иштирок этган ҳамда ташкилотнинг депутатликка номзодлар рўйхатида бор.
Қирғизистонда парламент сайлови шу йил 4 октябрига белгиланган. Ташвиқот кампанияси эса 4 сентябрдан бошланиши кутилмоқда.