Коррупцияга қарши кураш фонди Новосибирск амалдорларининг ноқонуний бизнеслари тўғрисидаги суриштирувни жамоатчиликка эълон қилди.
“20 август куни Алексей Навальний заҳарланди ва у ўшандан бери комада қолмоқда. Бу воқеа биз Сибирдан регионал сиёсат тўғрисидаги бир нечта суриштирув фильмни суратга олиб қайтаётганимизда содир бўлди. Бугун биз бу фильмлардан биринчисини эълон қиламиз”,- дейилади фонд билдирувида.
“Сибир пойтахтини ким босиб олди ва энди уни қандай озод қилиш мумкин”, деб номланган 40 дақиқалик фильмда шаҳар думаси ва Новосибирск шаҳар маъмурияти амалдорлари йирик қурилиш ширкатлари ҳамда коммунал хўжаликларга алоқадор экани айтилади.
Суриштирув муаллифлари амалдорлар мулки ҳисобланган қимматбаҳо соатлар, автомобиллар, хориждаги кўчмас мулк объектларига эътибор қаратган.
20 август куни эрталаб Томскдан Москвага учаëтган Навальний самолётда ўзини ёмон ҳис қилгани ортидан самолёт Омскка фавқулодда қўнишга мажбур бўлди ва мухолифатчи маҳаллий шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилди.
Ўшанда унинг сафдошлари Томск аэропортида Навальнийнинг чойга аралаштирилган токсин билан заҳарланганини тахмин қилган эдилар.
22 август куни Германия Навальнийни Берлиндаги “Шарите” клиникасига олиб келди. Германия врачлари дастлабки текширувларда Россия мухолифати лидери Алексей Навальний заҳарланганини қайд этган.
Шифокорларнинг билдиришларича, Навальнийнинг қонида холинэстераз ингибиторлари туркумидан бўлган токсин борлиги аниқланган. 2018 йилда Лондонда Юлия ва Сергей Скрипалларни заҳарлашда қўлланилгани билдирилган “Новичок” моддаси ҳам мана шу туркумга киради.
Айни пайтда Россия врачлари Омск касалхонасида Навальнийнинг қонида ҳеч қандай заҳарли модда аниқланмаганини билдирмоқда.