Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб Сўх-Водил йӯли очилади. Бу ҳақда Сўх туман ҳокимининг чегара масалалари бӯйича маслаҳатчиси Сарвар Ҳомиджонов маълум қилди.
Сўх тумани ҳокимлиги матбуот хизмати тарқатган видеохабарда Ҳомиджонов, Ўзбекистон билан Қирғизистон расмийларининг ўзаро келишувига мувофиқ, яқин бир-икки ой ичида Сўх-Риштон йўли ҳам очилишини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Сўх-Водил йўли тақрибан 100 километрни, Сўх-Риштон йўли эса тақрибан 30 километрни ташкил қилади. Шу важдан сўхликлар ўзлари учун яқин бўлган Риштон йўлининг очилишидан манфаатдор.
Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани Чашма қишлоғи ҳамда Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида шу йил 31 май куни булоқ суви устидаги тортишув ортидан тўқнашув юз берган. Мазкур можаро ортидан Сўх эксклави аҳолиси Водил йўли орқали ҳам Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига қачондан бошлаб ўтиши мумкинлиги номаълумлигича қолаётганди.