Бухоро амирлигининг Россия "Қизил армияси" томонидан ағдарилгани 100 йиллиги Ўзбекистонда эсланмади

Мустақил Бухоро республикаси асосчилари - (олд қатор ўнгдан чапга) Ота Хўжа¸ Усмон Хўжа¸ Файзулла Хўжа ва (энг чапда) Бухоро жадидлари етакчиси Абдурауф Фитрат. Сурат Усмон Хўжанинг ўғли¸ тарихчи профессор Темур Хўжа ўғли архивидан олинди.

Жорий йилнинг 2 сентябри куни Европа¸Туркия ва қозоғистонлик 20 нафар олим иштирокида “Бухоро жумҳуриятининг 100 йиллиги” деган халқаро онлайн симпозиум бўлиб ўтади.

Тадбир таклифномасида ëзилишича¸ симпозиумда “ўлкадаги илк демократик тузумлардан бири бўлган Бухоро жумҳуриятининг шаклланиши¸ шарафли одимлари ва ҳузунли қисматига оид маърузалар” қилинади.

Симпозиум ташкилотчиси¸ АҚШдаги Мичиган университети профессори Темир Хўжа ўғлиниинг Озодлик мухбирига билдиришича¸ тадбирда ўзбек олимлари ҳам иштирок этади.

Айни пайтда¸ Тошкентдаги Қатағон қурбонлари музейининг катта илмий ходими, тарих фанлари доктор Баҳром Ирзаевга кўра¸ Бухорода амирлик ағдарилганининг 100 йиллиги Ўзбекистонда эсланмаëтир.

Жадидлар тарихи бўйича тадқиқот олиб бораëтган Диëра Абдужабборова эса¸ мактаб ва коллежлардаги тарих дарсларида “Бухоро жумҳурияти ва унинг асосчисилари Усмон Хўжа ва Файзулла Хўжаев ҳақида маълумот берилмаслигини” афсус билан таъкидлади.

Тарихчи олим Баҳром Ирзаевга кўра¸“бундан 100 йил олдин тузилган Бухоро жумҳурияти сиëсий тарихда бугунги Ўзбекистон пайдо бўлишига йўл очган буюк ибтидо”дир.

Таниқли рассом Вячеслав Охунов Озодлик билан суҳбатда “инқилоб баҳонасида большевикларнинг Бухорони учоқлар билан бомбардимон қилгани билан боғлиқ даҳшатнинг 100 йиллигини эслаш бугунги россияпараст раҳбарлар учун фойдали бўлиши"ни уқтирди.

Рассом 1988 йилнинг 2 сентябрида Лондондаги Оғахон жамғармасига оид “ZAMON” галереясида эни уч¸ бўйи эса икки метрлик матога мой бўëқ билан “Бухоронинг бомбаланиши” деган асарини намойиш қилган эди.

Вячеслав Охунов "Бухоронинг бомбаланиши" картинаси олдида.

Мунаққидлар назарида¸ ўзбек рассомининг бу асари эмоционал жиҳатдан улуғ рассом Аркадий Пластовнинг “Фашист учиб ўтди” ва Пабло Пикассонинг “Герника” деган асаридан ҳам кучлироқ яратилган.

Бухорода амирлик ағдарилгани ҳақида совет даврида кинорежиссер Латиф Файзиев тарафидан бадиий фильм суратга олинган. Тожик ëзувчиси Жалол Икромий эса “Гарнизон таслим намешавад” деган пъеса ëзиб¸ Бухоро республикаси президенти Усмон Хўжани “босмачиларга сотилиб, русларга қарши исëн кўтарган сотқин” дея акс эттирган.

Рассом Охуновга кўра¸ бу асарлар воқеаларнинг большевиклар талқинидаги тарғибот тасмасидир¸ холос.

Аслида нима бўлган эди?

Бухоро амирлиги тор-мор этилиб¸ унинг ўрнида Бухоро республикаси ташкил этилганига 100 йил тўлиши муносабати билан Озодлик тарихчи ва ижодкорларга шундай савол билан мурожаат қилди.

Тарихчи олим Темур Хўжа ўғли.

Бухоро республикасининг Биринчи президенти Усмон Хўжанинг (1878 -1968) ўғли¸ халқаро майдонда танилган тарихчи профессор Темур Хўжа:

- Жадидлар 1905 йилдан бошлаб Бухоро амиридан ислоҳот талаб қилишади. Жадидлар иккига айрилган эди. Марксист жадидлар ва миллатчи жадидлар. Марксист жадидлар раҳбари Файзулла Хўжа эди. Миллатчи жадидлар раҳбари эса отам Усмон Хўжа эди. Миллатчи жадидларга кўра¸ амирни ағдаришдаги ҳарбий хизмати учун Фрунзега пул тўланиши ва амир ағдарилганидан кейин рус аскарлари Бухородан чиқиб кетиши керак эди. Аввалига бунга Фрунзе рози бўлади. Жадидлар мустақил Бухоро республикасини тузишади. Қўлимда Бухоро жумҳуриятининг конституцияси бор. Бу конституцияда совет сўзи йўқ. Мустақил Бухоро республикаси деган калима бор. Аммо кейинчалик руслар келишувни бузиб¸ Бухорони совет республикасига айлантиришди.

Рассом Вячеслав Охунов

“Бухоронинг бомбаланиши” асари муаллифи рассом Вячеслав Охунов:

- Аслида Герника бомбардимони (Испаниянинг Герника шаҳрига 1937 йили тўхтовсиз уч кун уюштирилган даҳшатли бомбардимон назарда тутилмоқда - таҳр.)дан 17 йил олдин зич аҳоли яшайдиган Бухоронинг эски шаҳар қисми ҳарбий учоқлардан интенсив ўққа тутилган. Оғир-оғир бомбалар ташланган эди. 1937 йили Испаниядаги Герника шаҳрини немис учоқлари худди Фрунзе каби бомбалаганида¸ бундан даҳшатга тушган улуғ рассом Пикассо “Герника фожиаси” деган асарини чизган эди. Асар БМТ биносида осилиб турибди. Бу асарни кўрган немислар рассомдан “бу сизнинг ишингизми?” деб сўрайди. Рассом бўлса “Йўқ¸ бу сизнинг қилмишингиз” деб жавоб беради.


Санъатшунос олим Абдумалик Турдиев:

- Мустақил давлат ҳудудига бостириб кириб, ишғол қилинган эди. Худди руслар Қримни яшил одамчалар билан ишғол қилганидек. Фрунзе каби яшил одамчалар бугун ҳам Россияда Кремль амрини кутиб ўтиришибди.

Тадқиқотчи Диëра Абдужабборова.

Тадқиқотчи Диëра Абдужабборова:

- Туркистон ва Хивани тинчитган большевиклар Бухорога ҳужум қилишди. Большевиклар бу ҳужумни “Ëш бухороликлар” жадид гуруҳи уюштирди¸ деб тарихни фальсификация қилишди. Фрунзе томонидан Ленинга юборилган телеграммада ҳам “Ëш бухороликлар” ва Қизил армия бирлашган кучлари Бухорони эгаллади” деб ëзилган.“Ëш бухороликлар” оддий зиëлилар эди. Уларда армия ëки қуролли қўшин йўқ эди. Бу ҳақиқий Россия босқини эди. “Ëш бухороликлар” бу йўлда марионетка ролини бажарди. Афсуски¸ ўзлари ҳам кейин айëр рус ҳукумати томонидан қатл қилинди.