Расмий Берлин Навальний организмидан “Новичок” гуруҳига оид заҳар топилганини билдирди

А.Навальний Берлиндаги “Шарите” клиникасига олиб кириб кетилаётган пайт, 2020 йил 22 августи.

Бундесвер лабораторияси мутахассислари россиялик мухолифатчи Алексей Навальний организмида “Новичок” гуруҳига кирадиган кимёвий заҳарловчи модда асоратларини топишган. Бу ҳақда Германия ҳукумати сайти маълумот тарқатди.

Вазият Германия канцлери Ангела Меркель, ташқи ишлар, ички ишлар, мудофаа, адлия ва молия вазирлари иштирокида муҳокама қилинган.

Навальнийнинг организмида заҳар аниқлангани ҳақида Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти, Европа Иттифоқи ва НАТОга ахборот берилади. Германия Ташқи ишлар вазирлигига эса Россия элчиси чақиртирилади. Берлин Россия ҳукуматини содир бўлган воқеа юзасидан изоҳ беришга чақирди. Германия ҳукумати “энг қатъий йўсинда” ҳужумни қоралади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 20 август куни эрталаб Томскдан Москвага учаëтган Алексей Навальний самолётда ўзини ёмон ҳис қилгани ортидан учоқ Омскка фавқулодда қўнишга мажбур бўлган ва мухолифатчи маҳаллий шифохонанинг реанимация бўлимига ётқизилган. Ўшанда унинг сафдошлари Томск аэропортида Навальнийнинг чойга аралаштирилган токсин билан заҳарланганини тахмин қилганлар.

22 август куни Германия расмийлари саъй-ҳаракати билан Навальний Берлиндаги “Шарите” клиникасига олиб келинган. Немис врачлари дастлабки текширувлардан сўнг россиялик мухолифатчи Алексей Навальний заҳарланганини қайд этган.

Аввалроқ врачлар Навальнийнинг қонида холинэстераз ингибиторлари туркумидан бўлган токсин аниқланганини очиқлаганлар. 2018 йилда Лондонда Юлия ва Сергей Скрипалларни заҳарлашда қўлланилгани билдирилган “Новичок” моддаси ҳам мана шу туркумга киради. Мутахассисларга кўра, Совет даврида ишлаб чиқилган "Новичок" асабни фалажлаш хусусиятига эга.

Германия ташқи ишлар вазири Гейко Маас, агар Россия муассасалари ёки давлат идораларидан бирортаси Навальнийнинг заҳарланишига алоқадорлиги аниқланса, Берлин расмийлари Россияга нисбатан дипломатик санкциялар жорий қилишга тайёрлигини билдирган.