Фарғона вилоятининг Сўх туманида яшовчи Ҳайдаржон Бобоҳайдаров "ушлаб туриш учун етарли асос бўлмагани учун" қамоқдан озод қилинди. Ижтимоий тармоқларда Дадахон Ҳасанов тахаллуси билан танилган блогер ва унинг шериги Дилмурод Маҳбубов қамоқдан чиқарилгани тўғрисида Бош прокуратура 2 сентябрда маълум қилди.
Хабарда айтилишича, вилоят прокуратураси 1 июнь куни Сўх туманида 31 май куни содир этилган тартибсизликлар юзасидан жиноят иши қўзғатган.
Мазкур жиноят иши доирасида Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 214-моддаси (оммавий тартибсизликлар) бўйича айбдор сифатида олти киши жалб қилинган. 22 ёшли Ҳайдаржон Бобоҳайдаров ҳамда 28 ёшли Дилмурод Маҳбубов эса гумондор сифатида кўрилган.
Бош прокуратуранинг билдиришича, 23 августда ҳибсга олинган Дадахон Ҳайдаров ва Дилмурод Маҳбубов ушлаб туриш учун етарли асос бўлмагани учун озод қилинган.
Youtube тармоғида 800 мингдан ортиқ обуначиси бўлган видеоблогер - Дадахон Ҳайдаров тахаллуси билан танилган - Ҳайдаржон Бобоҳайдаров 10 кунга ҳибс қилингани ҳақида Озодлик хабар қилганди.
Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг Қирғизистоннинг Боткен вилоят, Кадамжай туман, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлган.
Ҳайдаржон Бобоҳайдаров, чегарада содир бўлган низодан сўнг туманга борган Бош вазир А. Арипов билан учрашувда, Фарғона ҳокимини алмаштиришни сўраган эди.