“Uzbekistan Airways” АЖ сентябрь ойида Дубай (БАА), Франкфурт (Германия), Олмаота (Қозоғистон), Бишкек (Қирғизистон) ва Истанбул (Туркия) йўналишлари бўйича мунтазам авиақатновларни тикламоқда.
Ширкат матбуот хизмати маълумотига кўра, 4 сентябрдан бошлаб ҳафтанинг жума кунлари Тошкент-Дубай-Тошкент, 10 сентябрдан ҳафтанинг пайшанба кунлари Тошкент-Франкфурт-Тошкент, 11 сентябрдан ҳафтанинг жума кунлари Тошкент-Олмаота-Тошкент, 14 сентябрдан ҳафтанинг душанба кунлари Тошкент-Бишкек-Тошкент, 4, 7, 11, 14, 16, 18, 21, 23, 24, 25, 28 ва 30 сентябрь кунлари эса Тошкент-Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича рейс ташкил қилинади.
Хабарномада “Uzbekistan Airways” рейслари билан Ўзбекистонга учиб келмоқчи бўлган йўловчилардан сўнгги 72 соат ичида COVID-19 га тест топширгани ва натижа манфий бўлгани ҳақида маълумотнома талаб қилиниши ҳамда тест натижаси мусбат бўлган йўловчилар рейсга қўйилмаслиги айтилган.
Қайд этилишича, мазкур мамлакатлардан қайтган йўловчилар 14 кунга ўз-ўзини изоляция қилиш мажбуриятини олишлари ҳақида анкета тўлдиришлари шарт.
“Uzbekistan Airways” АЖ Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси илк бор қайд этилган март ойидан бошлаб халқаро йўналишдаги мунтазам авиақатновларни бекор қилган, шундан бери хорижий ўлкаларга фақатгина чартер рейслари амалга оширилаётган эди.