Ўзбекистонда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси ташкил этилади. Янги қўмита тузилиши ҳақида мамлакат президенти Ш. Мирзиёев томонидан 2 сентябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида айтилган.
Ҳужжат билан янги қўмитанинг асосий вазифалари ўлароқ қуйидагилар белгиланган:
- пиллачилик ва қоракўлчилик соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, шунингдек, ушбу тармоқларни ягона илмий-техникавий сиёсатни юритган ҳолда, мувофиқлаштирилган тарзда ривожлантиришни таъминлаш;
- тут плантациялари ва яйловларнинг қатъий ҳисобини юритиш ва фондини ўрганиш, шунингдек, пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа базасини яхшилаш;
- ипак қурти ва қоракўл зотли қўйларнинг юқори даражада маҳсулдор наслларини жорий қилиш;
- пилла ва қоракўл терисидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида хомашё тайёрлаш ва уни қайта ишлаш учун қулай шароитлар яратиш;
- маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда ипак ва қоракўлдан тайёрланган маҳсулотларни энг аввало ташқи бозорларда сотишга кўмаклашиш;
- пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига ўз фаолиятини кенгайтириш, кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш.
Президент фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 июлига қадар республиканинг яйловларга эга барча ҳудудларида озуқа базасини яратган ҳолда майда шоҳли наслдор молларни кўпайтириш, мол сўйиш, тери ва жунни қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш бўйича қоракўлчилик кластерлари ташкил қилинади.
Янги қўмита зиммасига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Ипакчилик илмий-тадқиқот институти, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва республика вилоятларида ташкил қилинаётган, қишлоқ хўжалигидаги билим ва инновациялар тизимини ўз ичига олган Агрохизматлар марказлари билан чуқур интеграциялашувини, пиллачилик ва қоракўлчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига Агрохизматлар марказлари орқали билимлар бериш, уларни илмий-амалий қўллаб-қувватлаш ва хизматлар кўрсатиш тизими жорий этилишини таъминлаш вазифаси ҳам юклатилган.