OzodNazar: “6 секунд” видеоси муаллифини Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан узр сўрашга нима мажбур қилди?

Зафар Солижонов

Сарлавҳага чиқарилган саволни, куннинг бошқа долзарб саволлари қаторида, OzodNazarнинг янги суҳбатдоши, ўзбекистонлик таниқли журналист ва блогерлардан бири Зафар Солижоновга бердик.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OzodNazar: “6 секунд” видеоси муаллифини Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан узр сўрашга нима мажбур қилди?

Наманганлик дизайнер Шавкат Эгамбердиев Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва унга мансуб бўлган Akfa, Artel ширкатлари ҳақидаги ҳажвий видеони ижтимоий тармоқларга тарқатгани учун узр сўради.

“Газета уз”нинг 2 сентябрда хабар беришича, дизайнер Troll.uz тармоғи орқали 31 августда оммалашган видеони ҳам 1 сентябрда ўчириб ташлаган.

“Видеода «6 секунд» деб ёзилган таксини ва автомашина орқа ойнасида пушти рангдаги калта пайпоқни кўриш мумкин. Ундан кейин видео муаллифи Шавкат Эгамбердиев елкасида кондиционер кўтарган ҳолда кўриниш беради ва чўнтагидан бир нечта доллар валюталарини чиқариб, ҳавога сочиб юборади. Сочилган пуллар CARTEL ва BRAKFA ёзувлари акс эттирилган иккита бино томон учади. Шунингдек, CARTEL биносининг пастида «любая монополия хороша» ва «духа нет» шиорлари ёзилган. Банкноталар шамол парраклари томон учади, бошқа томондан эса маиший техника востилари чиқади. BRAKFA деб ёзилган бино том қисмида костюм кийган битта эркак (тахминларга кўра, ҳоким Жахонгир Ортиқхўжаев) Gangnam Style услубида рақсга тушмоқда”, - деб тасвирлади видеони нашр.

“Тирикчилик қилиш керак. Шунга Instagram даги «подписчик"ларимни кўпайтираман деб, «дешевый хайп» қиламан деб Akfa ва Artel, ва шу жумладан Тошкент ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевга қилинган видеоролигим жудаям катта хато бўлди. Бундан, албатта, афсусдаман”, -деб узр сўради дизайнер.

Troll.uz блогининг муаллифи Умид Гафуров видео муаллифи Шавкат Эгамбердиевга босим ўтказилган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Бироқ Artel брендини ривожлантириш ишлари бўйича раҳбар Рамзиддин Қўчқоров “Газета уз”га дизайнерга таҳдидлар қилинганлиги ва ундан видеони Instagram дан ўчиришни талаб қилинганлиги тўғрисидаги тахминлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини айтган.