Ўзбекистондаги 10 мингга яқин халқ таълими муассасаларининг барчасига оптик толали алоқа линияларини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда 3 сентябрь куни АОКА ҳузуридаги штабда бўлиб ўтган брифингда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби Шерзод Аҳматов маълум қилган.
Вазирлик масъулига кўра, карантин тартиби эълон қилинган вақтдан бошлаб ўқувчиларга уйда фанларни бемалол ўзлаштириш учун барча маҳаллий тармоқ ва мобиль операторлари томонидан таълим-ахборот ресурслари жойлаштирилган веб-сайтларга бепул кириш таъминланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда 3 та телевизион канал ташкил этилган. Ушбу каналлар орқали телевизион видеодарс машғулотларини республика бўйича бепул тарқатиш йўлга қўйилган.
Масофавий таълим беришда устоз ва мураббийлар учун мобил алоқа хизматларидан қулай шартларда фойдаланиш учун махсус “Таълим” тариф режаси жорий этилган. “Ҳозирги кунда ушбу тариф режасига янада кўпроқ қулайликлар киритилмоқда”, деди Ш. Аҳматов.
Мулозимга кўра, масофавий таълим учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида алоҳида имтиёзли “Мактаб” тариф режаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.