Хитой COVID-19га қарши вакцина клиник синовларининг учинчи босқичида Ўзбекистонни ҳам иштирок этишга чақирди. Клиник синов бир қатор давлатларда, жумладан, узоқ Шарқ ва Араб давлатларида паралел равишда ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлигининг билдиришича, бу масала 3 сентябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хитойнинг Фанлар Академияси, Халқаро фан ташкилотлари Альянси ҳамда “Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical” компанияси вакиллари ўртасида видео-конференц алоқаси орқали муҳокама қилинди.
Йиғилишга Ўзбекистон томонидан Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Хитой томонидан Халқаро Фан ташкилотлари Альянси ижрочи директори Чингуа Као раислик қилдилар.
Муҳокама чоғида Хитой вакиллари Ўзбекистонда ҳам кўнгиллилар ўртасида ушбу синов жараёнларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиш истагида эканликларни билдирди.
“Агар вакцина синовлардан муваффақиятли ўтса, синов натижалари асосида ушбу вакцинани Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларида фойдаланиш мумкинлиги қайд этилди”, - дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, мазкур вакцина Хитой Фанлар Академияси ва “Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical” томонидан ишлаб чиқилган. Ушбу вакцина клиник тадқиқотлар учун Хитой Миллий тиббиёт маҳсулотлар администрацияси томонидан жорий йил 20 июнида тасдиқланган ва жаҳонда коронавирус инфекциясига қарши учинчи вакцина ҳисобланади.
“Инсонлар ўртасида биринчи ва иккинчи фаза синов вакцинацияси муваффақиятли ўтказилган ва иккинчи-фаза синовларининг якунланиши октябрь ойида бўлиши кутилмоқда. Янги вакцина учун клиник синовнинг учинчи фазаси 2020 йилнинг тўртинчи чорагида ўтказилиши режалаштирилмоқда”, - дейилади расмий билдирувда.
Шу билан бирга, томонлар ўртасида синов ўтказиш бўйича молиявий харажатлар ва синов жараёнларининг муддатлари муҳокама этилди.
Музокаралар натижаларига кўра, Хитой томони 3-фаза синовларини ўтказишда ҳам методик ҳам молиявий ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон томонидан хитойлик ҳамкорларнинг таклифлари кўриб чиқилиб, якуний хулоса берилишига келишиб олинди.