Немис врачлари президент Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний “Новичок” заҳарли моддаси билан заҳарлангани тўғрисида “инкор қилиб бўлмайдиган далиллар”ни эълон қилгани ортидан Германия матбуоти ва жамоатчилиги канцлер Ангела Меркелни Россияга нисбатан қатъийроқ позицияни эгаллашга чақирмоқда.
Немис сиёсатчилари, жумладан, 3 сентябрда Меркелни Россиянинг “Шимолий оқим-2” лойиҳасида иштирок этишдан бош тортишга чақирди.
Болтиқ денгизи остидан Германияга олиб ўтилаётган мазкур қувурни ётқизиш ишлари деярли ниҳоясига етиб қолган. Бу қувур орқали Россия гази Германияга етказиб берилади.
“Дипломатик ҳаракатлар етарли бўлмай қолди. Навальний заҳарлангани ортидан биз Путин тушунадиган тилда қатъий, Европача жавобимизни беришимиз лозим. Европа Иттифоқи ҳамкорликда “Шимолий оқим-2” лойиҳасини тўхтатиши шарт”,- деб ёзди Твиттер саҳифасида Германия парламентининг ташқи ишлар бўйича қўмитаси раиси Норберт Рёттген.
Германия ҳукумати 2 сентябрда Бундесвер лабораторияси мутахассислари россиялик мухолифатчи Алексей Навальний организмида “Новичок” гуруҳига кирадиган кимёвий заҳарловчи модда асоратларини топишгани ҳақида маълумот тарқатган эди. Бироқ Россия бу айбловни инкор этиб келмоқда.
Навальний 20 август куни Томскдан Москвага учаётган пайтида комага тушиб, касалхонага ётқизилган эди. Ўшанда унинг тарафдорлари мухолифатчи заҳарланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишган.
Навальний 22 август куни Омскдан Берлиндаги “Шарите” касалхонасига олиб келинган эди.