Белгиланган муддатларда ўқишини кўчириш бўйича рўйхатдан ўтган, аммо хорижий давлатлардан етиб кела олмаганлиги сабабли жорий йилнинг 5-6 сентябрь кунлари ўтказиладиган махсус (онлайн тест) синовларда иштирок эта олмаган талабалар учун жорий йил октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида махсус (онлайн тест) синовлари ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Телеграмдаги ўз расмий канали орқали маълумот тарқатди.
Аввалроқ вазирлик хорижий ўлкалардаги олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш бўйича ўтказиладиган махсус синов (онлайн тест) ни ўтказиш жорий йилнинг 5-6 сентябрь кунларига белгилангани ҳақида маълум қилган.
Бу эълондан сўнг Озодликка хорижда таҳсил олаётган ўнлаб талаба мурожаат қилган. Асосий қисми Россия ҳамда бошқа постсовет ўлкаларидан йўлланган мурожаатларда ўқишини кўчириш учун ҳужжат топширган талабалар ўзларига имтиҳон кунига атиги 3 кун қолганда хабар қилинганидан норози бўлиб ёзганлар.
Таҳририят мазкур мурожаатларни ўрганиб чиқиб, 2 сентябрь куни бу мавзуда кўламли мақола чоп қилганди. Озодлик мақоласи ортидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сентябрдаги тест синовига улгурмай қолган талабаларга бир ойдан сўнг имтиҳон топшириш имконияти яратилиши ҳақида маълум қилди.
Аммо хориждаги талабалар октябргача ҳам Ўзбекистонга қайта оладими-йўқми – маълум эмас. Уларнинг Озодликка мурожаатларида тилга олинган асосий муаммолардан бири - коронавирус пандемияси боис авиақатновлар тўхтаган бир пайтда Ўзбекистонга қайта олмаётгани эди. Талабаларнинг аксари чартер рейсга навбат келишини 1-2 ойдан бери кутаётганларини маълум қилгандилар.