“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг жиззахлик фаоли Набижон Жўрабоев коронавирус инфекциясига чалингани ортидан 82 ёшида вафот этди. Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида истиқомат қилган ва кўп йиллар давомида адолат учун курашиб келган фаолнинг оламдан ўтгани ҳақида жамият раҳбари Абдураҳмон Ташанов Фейсбук тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Набижон Жўрабоев Озодликнинг мамлакат ичидаги юзлаб фаол суҳбатдошларидан бири бўлиб, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва қўшни туманларда содир бўлаётган воқеалар ҳақида ўз муносабатини билдириб келаётган тингловчилардан бири эди.
Ўтган йиллар давомида у ҳокимликдаги коррупция, инсон ҳуқуқларининг топталиши, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳақида “OzodMikrofon”, “OzodNazar”, “OzodMaktub” рукнларида танқидий фикрлар билдириб келган эди.
Жумладан, Ғаллаорол туманида минглаб дарахтнинг ноқонуний сотиб юборилгани, ўқитувчиларнинг ҳокимият мардикорига айланиб қолгани, селдан жабр кўрган ғаллаоролликларга ҳукумат томонидан ваъда қилинган ёрдам деярли берилмагани, Жиззахда сирли эпидемияга чалинган минглаб қўй ўлгани ҳақида ва шу каби қатор долзарб мавзуларда Озодликка гапирган эди.
Набижон Жўрабоевнинг асл касби ўқитувчи. У узоқ йиллар Тошкентда маҳалла оқсоқоли бўлиб ишлаган, ўн беш йиллар муқаддам асл туғилган жойи бўлган Ғаллаорол туманига кўчиб келган эди.
Озодлик радиоси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.