АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний заҳарланишига Россия ҳукумати алоқадорлигини кўрсатувчи далил кўрмаганини, аммо Германия шифокорларнинг мухолифатчи заҳарлангани ҳақидаги хулосасига шубҳаси йўқлигини таъкидлади.
2 сентябрь куни Германия расмийлари Навальний асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарлангани тўғрисида «инкор қилиб бўлмайдиган далиллар» борлигини эълон қилган эди.
«Германияликларнинг айтиши бўйича, шундай бўлган. Бу рост бўлса, қаттиқ ғазабланган бўлардим», деди Трамп.
«Айнан нима содир бўлганини билмайман. Менимча бу фожиа, даҳшатли иш. Бундай бўлмаслиги керак», дея сўзини давом эттирди АҚШ президенти.
4 сентябрь куни АҚШ Давлат департаменти Навальний заҳарлангани юзасидан чуқур хавотир изҳор қилган эди.
Расмий Москва Навальнийнинг заҳарланиши ҳақида тўғридан-тўғри жавоб бермай, ҳужумга алоқаси йўқлигини иддао қилмоқда.
Навальний 20 август куни Томскдан Москвага учаётган пайтида комага тушиб, Омск касалхонасига ётқизилган эди. Ўшандаëқ унинг тарафдорлари мухолифатчи махсус заҳарланганини тахмин қилган эди.
Омск шифохонасида икки кун қолган Навальний махсус самолëт билан Германияга олиб кетилди. Айни дамда у Берлиндаги «Шарите» шифохонасида сунъий комада қолмоқда.