"Коронавируссиз" Туркманистон шифохоналари беморларга тўлиб кетди

Туркманистон ҳукумати коронавирус борлигини расман тан олмай келади.

Коронавирус борлигини расман тан олмаётган Туркманистонда шифохоналар COVID-19 инфекцияси аломатларига чалинган беморлар билан тўлмоқда.

Мамлакатдаги Озодлик мухбирларининг хабар беришича, пойтахт Ашхободда сўнгги уч ҳафта давомида вазият оғирлашган, ҳалок бўлаётганлар сони ошган.

Хабарларга кўра, тиббиёт ходимлари ўз ҳисобларидан ҳимоя кийимларини сотиб олишга ҳамда карантин зоналарида узоқ муддат ишлашга мажбурланмоқда.

Айрим ҳолатларда ҳамширалар икки ойлаб карантин зонасида ишлашга мажбурланаётганини айтиб, шикоят қилган.

Туркманистон ҳукумати мамлакатда коронавирусга чалиниш ҳолати йўқлигини иддао қилмоқда, аммо бу иддаога ҳеч ким ишонамйди.

Мамлакатда COVID-19 келтириб чиқарадиган ўпка касалидан нобуд бўлганлар мурдаси оила аъзоларига махсус пакетларда етказиб берилмоқда.

7 август куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Туркманистонда пневмония ҳолатлари ошиб бораётганини хавотир изҳор қилиб, Ашхободни мамлакатда мустақил коронавирус тестларини йўлга қўйишга чорлади.