Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 7 сентябрь соат 10:00 ҳолатига кўра, Чилонзор туманида яшаган 58 ёшли Ё.О., (аёл) ҳамда Жиззах шаҳрида яшаган 36 ёшли Д.М. (эркак), коронавирусдан вафот этди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони 350 кишини ташкил қилди.
Коронавирус оқибатида жон берганлар сони бўйича Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Қашқадарё вилояти етакчилик қилмоқда. Тошкент шаҳрида 246 нафар, Тошкент вилоятида 42 нафар, Қашқадарё вилоятида 12 нафар бемор вафот этган.
7 сентябрь куни эрталаб Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 112 кишига кўпайиб, жами 43 775 нафарни ташкил этди.
“Янги касалланиш ҳолатларининг 103 нафари Тошкент шаҳрида, 7 нафари Тошкент вилоятида, 2 нафари Фарғона вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган”, -дейилади хабарда.
Айни пайтда беморлардан 41 277 нафари соғайди. Касалхоналарда 2 148 нафар бемор қолмоқда. Улардан 375 нафари оғир, 219 нафари эса ўта оғир аҳволда.