Беларус мухолифати лидерларидан бири Мария Колесникова 7 сентябрь куни эрталаб Минск марказида номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди. Бу ҳақда Tut.by нашри воқеа гувоҳи сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.
Гувоҳга кўра, Колесниковани “Связь” (“Алоқа”) деб ёзилган микроавтобусга ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетганлар. Унга қўнғироқ қилиб бўлмаяпти. Расмийлар ҳам бу борада ҳали изоҳ берганларича йўқ.
Ҳибсга олинган президентликка номзод Виктор Бабарико штабининг вакиласи М. Колесникова сайловолди кампанияси чоғида “Аёллар триоси” митингларида чиқиш қилган шахс сифатида танилган, у мазкур митингларда рўйхатга олинмаган номзод Валерий Цепкалонинг рафиқаси ҳамда президентликка номзод Светлана Тихановская билан бирга чиқиш қилганди. У “трио”нинг Беларусда қолаётган ва озодликда бўлган сўнгги иштирокчиси эди. Колесникова мухолифатнинг яқинда тузилган Мувофиқлаштирувчи кенгаши раёсати таркибига кирган. Куни кеча у Минскда бўлиб ўтган галдаги оммавий норозилик юришида иштирок этганди.
Сўнгги юришда ўн минглаб киши иштирок этган. Беларус ИИВ маълумотларига кўра, куни кеча турли шаҳарларда 633 киши қўлга олинган. Аввалроқ ҳуқуқ фаоллари 200 чоғли одам ушланганини билдирганлар.
Олдинроқ Беларус расмийлари босими остида Светлана Тихановская ҳамда Мувофиқлаштирувчи кенгаш раёсати аъзоси Ольга Ковалькова мамлакатдан чиқиб кетганди.
Беларусда президент Александр Лукашенкога қарши норозилик намойишлари қарийб бир ойдан буён давом этмоқда. Норозиларнинг кўпи қўлга олинган, қийноқ ва таҳқирловларга дучор этилган.