Мактаблар зиммасига тиббиётчилар ва изолятор учун алоҳида хоналар ажратиш вазифаси юклатилди

Ўзбекистонда умумий таълим мактабларида ҳар бир смена бошланишидан олдин фильтр жараёнини ташкиллаштириш, фильтрда ва ўқиш жараёнида аниқланган беморларни алоҳидалаш ҳамда тегишли ёрдам кўрсатишни таъминлаш мақсадида кун давомида тиббий ходимнинг ўқув муассасасида бўлиши талаб қилинмоқда.

Мазкур талаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг “COVID-19 пандемияси шароитида умумий таълим мактабларида касалликлар профилактикаси, шу жумладан коронавирус касаллигининг олдини олиш чораларини янада такомиллаштириш борасида қўшма кўрсатма”сида акс этган.

ССВ ва ХТВнинг вазир ўринбосарлари томонидан 5 сентябрь куни имзоланган ва нусхаси Озодликда бўлган ҳужжатга мувофиқ, мазкур тартибни таъминлаш учун “мактаб шифокори, ҳамшираси, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасидан бириктирилган ҳамшира, куратор қилиб тайинланган шифокорнинг асосий иш юкламасидан график асосида фаолият юритиши” урғуланган.

Ҳужжат билан мактаб маъмурияти зиммасига тиббиёт ходимлари учун хона ажратиш, уни зарур мебель, жиҳоз, дори-дармон, сарфлов материаллари, ҳимоя (комбинезон, қўлқоп, ниқоб) дезинфекцион ва антисептик воситалари билан етарли миқдорда таъминлаш вазифаси юклатилган. Шунингдек, мактаб мутасаддиларига аниқланган беморни алоҳидалаш, вақтинча назоратга олиш ва бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган изолятор учун хона ажратиш вазифаси ҳам топширилган.