Ўзбекистон июль ойида жаҳонда энг кўп олтин сотди

Ўзбекистон июль ойида жаҳон бўйлаб энг кўп олтин сотган мамлакатга айланди. Жаҳон олтин кенгаши (WGC) маълумотига кўра, мамлакат бу ойда 11,6 тонна олтин сотган.

Олтин сотиш бўйича иккинчи ўринни Мўғулистон эгаллаган. Бу мамлакат июль ойида 6,1 тонна олтин экспорт қилган.

Айни пайтда мазкур ойда Россия ва Германия ҳам ярим тоннадан олтин сотгани айтилмоқда.

Олтин сотиб олиш бўйича эса иккинчи ярим йилликнинг илк ойида Туркия (19,4 тонна) жаҳонда биринчи ўринни эгаллаган. Ўша ой Қатар 3,1 тонна, Ҳиндистон 2,8 тонна, Қозоғистон 1,9 тонна, Украина 300 килограмм олтин сотиб олган.

Маълумотларга кўра, июль ойида жаҳон бозорида бир грамм олтин ўртача 58 АҚШ доллардан сотилган. Ҳозирги кунда эса бу қимматбаҳо металлнинг нархи қарийб 62 долларга етган.