Саудия Арабистонида давлат айбловчилари 2018 йил октябрида ўлдирилган журналист Жамол Хашогги иши бўйича якуний ҳукм чиқардилар. Бу ҳақда Al Arabia телеканали маълум қилди.
Мазкур иш бўйича беш киши 20 йилданга озодликдан маҳрум этилди. Яна уч кишига 7 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланди. Уларнинг ҳаммаси журналист ўлимида айбдор, деб топилганлар.
Шу йил май ойида Хашогги оиласи қотилларни афв қилиш бўйича баёнот билан чиққанди. Қироллик қонунчилигига кўра, бундай ҳолатларда айбланувчига ўлим жазоси берилиши мумкин эмас.
The Washington Post газетаси колумнисти Жамол Хашогги 2018 йил октябрида Саудиянинг Истанбулдаги консуллигига ўлдирилганди. Ҳодисадан сўнг Хашоггининг жасади бўлакларга бўлиниб, консуллик биносидан олиб чиқиб кетилган ва ҳалигача топилган эмас.
Хашогги Саудия Арабистони расмийлари, хусусан, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон сиёсатини танқид қилиб келган.
Ўтган йил октябрида Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти Хашогги ўлими бўйича ёпиқ эшиклар ортида ўтган маҳкама жараёнини халқаро стандартларга мос бўлмаган суд, дея баҳолаганди. Декабрь ойида мазкур иш бўйича беш айбланувчи ўлим жазосига, яна уч киши эса қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.
Июль ойи бошида Туркияда суд Хашогги ўлими бўйича ишни кўриб чиқа бошлаган. Унда 20 нафар саудияликка қарши айблов эълон қилинган. Бу одамлар сиртдан судланмоқда.