Чартер рейсга билет қимматлигини транспорт мутахассиси “янги коррупцион схема” билан изоҳлади (ВИДЕО)

Ўзбекистонда монополия мақомида бўлган "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси коронавирус пандемияси бошланганидан буëн миллионлаб ўзбекистонлик ишлаëтган Россия шаҳарларига мунтазам парвозларни тўхтатиб қўйган.

Йил бошидан бери Россиядан ватанига қайта олмаëтган минглаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожири чартер рейсларга билет олиш қийинлиги ва пандемиягача бўлган нархлардан бир неча бараварга қимматлагани боис Ўзбекистонга қайта олмаëтир.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан Россиянинг айрим шаҳарларидан чартер поезд ва учоқлар қатнови бошлангани эълон қилинганидан буëн¸ бу рейсларга чиқиш¸ минглаб муҳожир учун қарийб ҳаëт-мамот масаласига айланди.

Озодлик гаплашган транспорт соҳаси мутахассислари¸“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Ўзбекистон темир йўллари”нинг талаб катта бўлган Россия шаҳарларига мунтазам рейсларни тиклашга ошиқмаëтгани¸ нархи назоратдан чиққан чартер рейслар эса¸ айрим гуруҳлар учун катта коррупцион даромад манбаига айланиб улгурганини иддао қилди.

Бу иддаони рад этишга уринган Ўзбекистон Транспорт вазирлиги мулозими¸ муҳожирлар аҳволидан ҳукуматнинг хабари борлиги¸ Россиядан мунтазам рейсларни тиклаш учун музокаралар давом этаëтганини билдирди.

Озодликка мурожаат қилаëтган ўзбек муҳожирлари¸ чартер рейсларга билет олиш учун консуллик рўйхатига ëзилганига қарамай¸ навбат силжимаëтгани¸ бу орада поезд (Ростов - Тошкент) билети қўлда 390¸ самолëт (Москва - Тошкент) билети эса¸ очиқ кассада 730 долларгача кўтарилганини айтмоқда.

“Чартер поездга чиқолмай бир ҳафтадан бери кўприк тагида ëтибмиз”

Озодликка 8 сентябрь куни мурожаат қилган меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга чартер поезд қўйилганини эшитиб¸ 10 август куни консуллик навбатига онлайн ëзилгани¸ аммо бу навбат инобатга олинмаганини айтади.

Бир ҳафта олдин Геленжикдан Ростовга келиб¸ 700-бўлиб очередга ëзилдик. Кеча қарасак¸ яна спискада йўқмиз. Мана бугун поезд Тошкентга жўнаб кетди¸ яқинига ҳам боролмадик. Кеча консуллик ходимлари келганида роса жанжал бўлди. Ўзини таништирмасдан¸ спискани ўқишга чиққанди¸ оломон тармашди¸ кимдир баклажка отди. Шундан кейин сўкиниб¸ қочиб кетишди. 3000 одам бир ҳафтадан бери кутяпти¸ биз қолиб бошқаларга билет сотишяпти. 12 500 рубль дейилган билетни¸ чëрний ход қилиб олиб чиқиб¸ 26-30 мингга сотишяпти. Паспорт ксерокопиясини пул билан берсангиз бўлди¸ навбат-павбатнинг кераги йўқ. Бизда бунча пул йўқ¸ ман кеча ëмғир ëғди¸ кўприкнинг тагида юпқа палатка қуриб¸ кўчада ëтиб-турибмиз”¸ дейди муҳожирлардан бири.

Бир ҳафтадан бери Ростовда чартер поездга навбат кутаëтганлар ана шундай палаткаларда тунаëтганини айтади.

8 сентябрь куни Озодлик гаплашган муҳожирлар ўз гаплари тасдиғи учун айрим видеотасвирларни ҳам юборди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Чартер поездга чиқолмай қолганлар

7 сентябрь куни олингани айтилган видеода Ростовнинг Первомайская станциясида маҳаллий вақт билан кечки соат 6 ларда Ўзбекистон консуллиги вакиллари билан юзага чиққан тортишувнинг узоқдан олинган манзараси акс этган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Чартер поездга чиқолмай қолганлар

Бир ҳафтадан бери навбат кутаëтган муҳожирларнинг Ростовдаги яшаш шароитига оид саволларга жавобан юборилган видео ва суратлардан¸ уларнинг усти целлофан билан тўсилган ерда¸ кўприк таги ëки очиқ майдонга қўйилган юпқа палаткаларда яшаëтгани кўрилади.

Ростовда чартер поездга навбат кутаëтганлар тунаëтган қўлбола палаткалар.

Бутун умидимиз 11 сентябрдаги поездда қолди. Яна Россиянинг ҳар хил округидан келган 3000 тача одам кутиб турипти. Унгаям чиқолмасак нима қиламиз¸ билмаймиз. Илтимос¸ аҳволимизни Тошкентдагиларга кўрсатинг”¸ дейди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

Чартер парвозлар нархини ким белгилаяпти?

Ўзбекистон ҳукумати пандемия боис Россияда ишсиз¸ даромад ва бошпанасиз қолган ўн минглаб фуқароларини ватанга қайтаришни тезлатиш учун сентябрь ойидан Россиянинг аксар йирик шаҳарларига чартер¸ Истанбул¸ Дубай¸ Олмаота ва Франкфуртга эса¸ мунтазам рейслар қўйилганини эълон қилди.

Хусусан¸ Москвадан бир кунда икки марта¸ Санкт-Петербургдан эса¸ кунига биттадан чартер рейс Тошкентга уча бошлади.

Бу рейсларга билет ҳам¸ Россиядаги ўзбекистонликларнинг айтишича¸ элчихона ва консуллик тузаëтган навбат орқали сотилмоқда.

Бундай рейсларга умид қилиб¸ навбатга ëзилганлар¸ улар нархининг қимматлигидан ҳайратга тушмоқда.

Ўзбекистон ҳаво йўллари” Владивосток шаҳрига чартер рейс қўйган. Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилиб¸ рўйхатга ëзилдим. Лекин билет нархлари мени ҳайрон қолдирди. 54 000 рубль Нега пандемия пайтида кескин ошириб олишди билет нархларини?! Қаердан олсин оддий фуқаро, мигрант , пандемия пайтида 5 ойдан бери ишсиз , касал, ишга яроқсиз аҳволда ?!Монополист “Ҳаво йўллари” бу нарсалар ҳақида ўйладими билетга нарх белгилашдан олдин ? Нега улар халққа ёрдам бериш ўрнига баттар боткоққа ботиришмоқда?! Билет нархи оддий ҳолларда 27 000 максимум эди¸ ҳозир уже 50+!”¸ деб ëзди Россиядаги талабалардан бири.

Коронавирус карантини боис уч ой ишсиз қолиб¸ энди иш бошлайман деганда паспортини йўқотиб қўйган меҳнат муҳожири ҳам¸ чартер рейсларга билет нархини кўриб¸ “капалаги учганини” айтади.

Паспортимни йўқотиб¸ элчихонага ëрдам сўраб борсам¸ 5000 рублга паспорт йўқолгани ҳақида ҳужжат қилиб¸ паспорт учун Ўзбекистонга бориш кераклигини айтишди. Паспортсиз бу ерда ишлай олмайман¸ шунга срочно кетишим керак. Чартер рейсга билет олинг¸ дейишди. 51 минг рубль экан! Бу 730 доллар дегани! Пандемиягача билет нархи 140-150 доллар эди! Булар менга ўхшаб иложсиз қолганлардан пул қиляпти! Кетай десам¸ биринчидан бунча пулим йўқ¸ иккинчидан¸ шунга ҳам навбат кутиш керак экан! Наҳотки элчихона ўз фуқароларига паспортни Москвада қилиб беролмаса? Наҳотки ҳукумат давлатга қарашли компания билетга қўйган нархни назорат қила олмаса? Мақсад Россияда ишсиз¸ бошпанасиз қолган ўз фуқароларини уйига қайтаришми¸ ëки уларнинг сўнгги тийинига қадар шилиб олишми?»

Чартер рейслар нега қиммат ëки “Ўзбекистон ҳаво йўллари” нега Россияга мунтазам парвозлар тикланишидан манфаатдор эмас?

Озодлик бу саволларга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авикомпаниясидан расмий муносабат олишга ҳозирча муваффақ бўлмади. 8 сентябрь куни компания раҳбарияти телефон рақамларига қилинган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Айни пайтда¸ компания фаолиятидан бевосита хабардор мулозим шахси очиқланмаслик шарти билан чартер рейслар билан боғлиқ Озодлик саволларига жавоб берди.

Бу мутахассис пандемия давридаги чекловлар ортидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни бошқараëтган гуруҳ даромад қилишнинг янги схемасини йўлга қўйганини иддао қилди.

Янги схема қуйидагича. Рейсни тўлалиғича туроператор сотиб олади ва нархни ўзи хоҳлаганча қилиб белгилайди. “Ҳаво йўллари" нинг ўзи чартер рейсларга осмондан олиб нарх қўëлмайди. Чартер рейсларни туроператорга сотишдан мақсад¸ нархлар орасидаги фарқни бўлиб олишдир. Мақсад компанияга даромад келтириш эмас¸ уни бошқараëтганларни бойитиш".

Бу мутахассис¸ Ўзбекистон солиқ тўловчиси пуллари ҳисобига фаолият юрғизаëтган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Тошкент-Москва-Тошкент чартер рейсини ўзини амалга оширса қанчага тушадию¸ уни туроператорга берса¸ қанчага тушишини хомчўт қилиб берди.

Дейлик¸ “Ҳаво йўллари” Москвага А-320 самолëтини чартер қилиб юборди. Бу учоқда 150 та ўриндиқ бор. Дейлик¸ битта ўриндиқни 380 евро (4.600.000 миллион сўм)га сотяпти. Тошкент Москва рейси тўлмади¸ дейлик¸ 150 кишилик самолëтда 50 та йўловчи учди. 50 х 380=19 минг евро. Қайтишда ҳамма ўриндиқ сотилди¸ яъни 150 х 380 =57 минг евро. Бориб-келиш 19+57=76 минг евро. Авиакомпанияга¸ тахминан 46-50 минг¸ қолган 26 минг евроси туроператор ва “Ҳаво йўллари” тепасида ўтирганлар орасида бўлиб олинади. Схема шундай ишлаяпти”.

Россия шаҳарларига учаëтган чартер рейсларга билет сотаëтган оператор Alltrip.uz 8 сентябрь куни ўз Телеграм каналида 15 сентябргача бу йўналишдаги билетларнинг 7 400 000 сўм (720 АҚШ доллари)¸ ëки 54 минг рублдан сотиб бўлинганини эълон қилди.

Озодлик боғланган Alltrip.uz ходими бу нархнинг ким томонидан¸ қандай белгилагани ҳақида изоҳ беришни истамади.

Alltrip агентлиги Москва-Тошкент чартер рейсига сотаëтган билет нархи.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси фаолиятига алоқадор бу мулозим¸ компанияда азалдан давлат ва халқ пуллари турли схемалар орқали ўғирлаб келингани ва бундай амалиëт пандемия даврида¸ айниқса¸ оддий халққа қимматга тушаëтганини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” милий авиакомпаниясининг монопол ширкат экани ва унинг фаолияти¸ хусусан¸ нархлар сиëсати солиқ тўловчига очиқ ва шаффоф эмаслиги кўпдан кескин эътироз ва танқидларга сабаб бўлиб келмоқда.

Мавзуга алоқадор Ҳисобот: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» советча бошқарув ортидан қарзга ботган

Транспорт соҳаси¸ хусусан¸ мамлакат фуқаролик авиацияси соҳасида ваъда қилинган катта ислоҳотларга қарамай¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” фаолиятида жамоатчилик талаб қилиб келаëтган ўзгаришлар ҳанузгача амалга оширилган эмас.

Мавзуга алоқадор Янги Транспорт вазири: “Ўзбекистон ҳаво йўллари” каби монополия бошқа бўлмайди!

Чартер рейслар юзасидан билдирилаëтган эътирозларга Транспорт вазирлиги жавоби

Озодлик «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниялари томонидан Россиядан уюштирилаëтган чартер рейслар¸ хусусан¸ улар нархи бўйича келаëтган ўнлаб эътирозларга шарҳ олиш мақсадида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати билан боғланди.

-Чартер рейслар бўйича бугун эълон бердик. Сайтда турипти ҳамма маълумот. Москвага кунига иккита¸ Санкт Петербургга кунига битта рейс қўйдик. Булар ҳозирча чартер. Мунтазам рейслар битта томоннинг хоҳиш- истаги билан тикланиб қоладиган нарсамас. Шунинг учун ҳозир ҳамма давлат авиация маъмурлари билан музокара олиб бориляпти. Қачонки¸ иккинчи томон ҳам мунтазам қатновларни тиклашга розилик берса¸ рухсат¸ деса¸ мунтазам қатновлар тикланади. Ҳозирча фақат тўртта йўналишда мунтазам парвозлар тикланди. Россия масаласида ҳам музокаралар кетяпти¸ деди вазирлик Ахборот хизмати мулозими.

Давлатга қарашли темир йўл ва авиакомпаниялар чартер рейсларига қўйилаëтган нархлар бўйича эътирозларга тўхталган Транспорт вазирлиги мулозими:

- Бу умуман қанақадир фойдани кўзлаб қилинаëтгани йўқ. Билетлар кассада турипти. Ўртада кимлардир пайдо бўлса¸ улардан олиш керакмас. Ўша кассадан сотиб олиш керак. Чартер поезд ва самолëтларларга чиқадиганлар рўйхати элчихоналар томонидан шакллантирилади. Ҳамма йиғилганни опкелишнинг иложи йўқ. Масалан¸ битта чартер состав билан 918-922 та одам олиб келиняпти. Ростовда 3000-4000 минг одам тўпланган бўлса¸ ҳаммасига билет сотолмайдику. Кейинги поезд боргунча кутилади¸ бўлди. Шу ҳафта ҳар бир йўналиш бўйича биттадан рейс қилиняпти ҳозир¸ деди жумладан.