"Катта еттилик" Россиядан Навальнийни заҳарлаганларни топишни талаб қилди

Алексей Навальний Россия президенти Путиннинг ашаддий танқидчиси ҳисобланади.

“Катта еттилик”ка аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Россия мухолифати лидери Алексей Навальний заҳарланганини қоралади ва Москвани мухолифатчи жонига қасд қилмоқчи бўлганларни зудликда қидириб топишга чақирди.

Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Британия ва АҚШ ташқи сиёсат мутасаддилари бу борада 8 сентябрь куни қўшма баёнот қабул қилди.

Баёнотда Россия ҳукуматидан “жиноятни содир этганларни аниқлаш бўйича шаффоф иш олиб бориш, Навальнийнинг заҳарланишига ким масъул эканини аниқлаш ҳамда уларни жавобгарликка тортиш” талаб қилинган.

44 ёшли Навальний 20 август куни Россиянинг Томск шаҳридан Москвага қайтаётганида комага тушиб қолган ва 22 августда Берлиндаги “Шарите” касалхонасига олиб келинган эди.

Немис экспертлари ўткизган тестлар натижасида Алексей Навальний Новичок гуруҳига кирувчи модда билан заҳарлангани аниқланган.

Россия ҳукумати Навальнийнинг заҳарланишини тасдиқловчи етарли далиллар мавжуд эмаслигини рўкач қилиб, бу ҳодиса юзасидан жиноят иши очишдан бош тортмоқда.

Айни пайтда Кремль Навальнийнинг заҳарланиши ортида ҳукумат тургани тўғрисидаги иддаоларни ҳам рад этмоқда.