Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ва бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини ҳамда таълим муассасалари ўқувчилари ва талабаларини пахта хомашёси йиғим- теримига жалб қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва бунга чек қўйиш юзасидан шахсан масъул бўлади.
Бу ҳақда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 8 сентябрдаги “2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилган.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, бу йил қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун биринчи теримда 1 000 сўмдан, иккинчи теримда эса 1 400 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.
Айни пайтда пахта териш машиналари билан териб олинган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 920 000 сўмдан кам бўлмаган хизмат ҳақи тўлаш белгиланган.
Қарор билан пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига юқорида тавсия этилаётган нархлардан кам бўлмаган ҳолда мустақил нарх белгилаш ҳуқуқи берилган.
Ҳужжатда қуйидаги туманларда қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун тавсия этилган тариф ставкасига давлат бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 200 сўмдан устама ҳақ тўланиши қайд этилган:
- Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманлари;
- Қорақалпоғистоннинг Қонликўл, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Тахтакўпир, Хўжайли, Шуманай, Чимбой ва Нукус туманлари;
- Қашқадарё вилоятининг Косон, Муборак, Миришкор, Нишон, Касби, Қарши туманлари;
- Сурхондарё вилоятининг Қизириқ, Бандихон, Музработ ва Шеробод туманлари.