Тошкент шаҳрида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларини, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.
Президент Ш.Мирзиёев томонидан 9 сентябрь куни имзоланган қарорда қайд этилишича, мазкур мажмуа “Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида” ташкил этилган.
Ҳужжатда “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш хусусида сўз юритилади.
Қарор билан мажмуанинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:
- Иккинчи жаҳон уруши жангларида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини илмий асосда ўрганиш, Ўзбекистон халқи ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш;
- Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган ўзбекистонликлар номларини абадийлаштириш;
- Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, фронт ортидаги меҳнат қаҳрамонликлари, республикага эвакуация ва депортация қилинган турли миллат вакиллари, хусусан, болаларнинг бағрикенглик билан кутиб олиниши ва уларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиши сингари тарихий воқеаларни акс эттириш орқали ёш авлоднинг маънавий оламини юксалтириш ва кекса авлод билан ворисийлик туйғусини кучайтириш, юксак гуманизм, она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш;
- халқнинг тарихий хотира билан яшаб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, шунингдек, мазмунли дам олиши билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари, ижодий кечалар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;
- Иккинчи жаҳон уруши даврига оид хорижий музей экспозициялари ва архивлари фондларини ўрганиш, Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини илмий асослаш учун мақсадли, фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш;
- “Шон-шараф” давлат музейи фондлари ва экспозицияларини Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ҳужжатлар ва бошқа экспонатлар билан мунтазам бойитиб бориш;
- Иккинчи жаҳон урушига оид музей ашёлари ва коллекцияларини сақлаш, янгиларини аниқлаш, тўплаш, улар ҳақидаги маълумотларни нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва илмий истеъмолга киритиш;
- уруш даврида ўзбекистонликларнинг жанговар ва фронт ортидаги фидокорона хизматларини акс эттирадиган тарихий хотирани мустаҳкамлаш мақсадида таълим муассасалари билан ҳамкорликда Мажмуада очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари ўтказишни, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини ташкил этиш;
- Мажмуада туристлар, тадқиқотчилар ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва унинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;
- Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи экспозициясини такомиллаштиришда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш ҳамда ноанъанавий кўргазмалар яратиш бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ушбу йўналишдаги чет эл музейлари билан кўргазмалар ташкил этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;
- аҳолига маданий-дам олиш хизматларини кўрсатиш.